Корхонамиз қурилиш ишлари бўйича буюртмачи-қурувчилик вазифаларини бажариб келади. Ўтказилган тендер савдоларининг тегишли шартларига кўра корхонамиз технологик жиҳозларни етказиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Импорт шартномаси асосида харид қилинган ускунага қўшилган қиймат солиғи солинмаган. Объектнинг смета қийматида ҳам ускунага қўшилган қиймат солиғини солиш назарда тутилмаган.
Қурилиш давомида буюртмачи ускунани далолатномалар бўйича бош пудратчига монтаж қилиш ва фойдаланишга топшириш учун берган. Ускуна қайта ишлашга берилган, бу эса Солиқ кодексининг 199-моддасига мувофиқ товарларни реализация қилиш бўйича оборот ҳисобланмайди.
Агар бош пудратчи ҚҚС тўловчиси бўлса, монтажга берилган технологик ускунага қандай қилиб қўшилган қиймат солиғи солинади?
Шарифжон Умиров,
корхона бош бухгалтери.
Жиззах вилояти.
– Солиқ кодекси 211-моддасининг 7-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш технологик асбоб-ускуналарни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса, ушбу товарларни импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинади. Импорт қилинган технологик асбоб-ускуналар олиб кирилган пайтдан эътиборан 3 йил мобайнида экспортга реализация қилинган ёки текин берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши ҚҚС тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланган ҳолда бекор қилинади.
Солиқ кодекси 199-моддаси иккинчи қисмининг 9-бандига биноан товарларни ва бошқа мол-мулкни қайта ишлаш асосида бериш ҚҚС бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти бўлмайди. Демак, сиз қайд этган ҳолатда ускуна қайта ишлашга берилганда ҚҚС тўланмайди.
Импорт технологик ускуна ҚҚСсиз қурилиш қийматига киритилади ва 21-сон БҲМСга кўра, бухгалтерияда Тугалланмаган қурилиш ҳисобварағи дебети», Ўрнатиладиган асбоб-ускуналар – хорижий» ҳисобварағи кредити ёзуви ёзилади.
Юқорида саналган шартларда олинган ускунани ўрнатиш хизматларини кўрсатадиган бош пудрат ёки ёрдамчи пудрат ташкилотлари ўзларининг ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базаларини белгилаётганда Солиқ кодекси 204-моддасининг тўртинчи қисмига риоя қилиши керак бўлади. Унга кўра, қурилиш, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-қурилиш, ишга тушириш-созлаш, лойиҳа-қидирув ва илмий ишлар, хизматлар бўйича, шунингдек объектларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришда шартномавий нархлардан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб ҳужжатлари ҳақ тўлаш учун тақдим этилган, бажарилган ва буюртмачи томонидан тасдиқланган ишларнинг, хизматларнинг ҚҚС киритилмаган қиймати солиқ солинадиган база ҳисобланади.
Агар шартномага биноан бу ишларни материаллар билан таъминлаш мажбурияти буюртмачининг зиммасида бўлса, ушбу материалларга бўлган мулк ҳуқуқи буюртмачининг ўзида сақланиб қолган тақдирда, бажарилган ҳамда тасдиқланган ишларнинг буюртмачи материалларининг қиймати киритилмаган ҳолдаги қиймати солиқ солинадиган база ҳисобланади.
Демак, бош пудрат ташкилоти фақат ўзининг бош пудрат хизматлари, шунингдек ускунани монтаж қилиш бўйича хизматлар қийматига ҚҚСни ҳисоблаши керак бўлади. Бунда импорт ускуна қийматига ҚҚС ҳисобланмайди.
Жавобни экспертимиз
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.
